Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати қачон оммалашади?

Ўзбекистонда кўнгиллилик (волонтёрлик) ҳақида гап кетса, аксарият амалдору мутахассислар “бу бизга бегона эмас, ўзаро ёрдам кўрсатиш, ҳашарлар ўтказиш қонимизда бор”, дейишади. Қайсидир маънода тўғри ҳам. Чунки миллий менталитет, қолаверса, жамоавий турмуш ва ахлоқий тарбиянинг таъсиридан бўлса керак, одамларимиз, ҳақиқатанам ҳам, беғараз ёрдам қўлини чўзишга ошиқади.
 
Дейлик, илгарилари тоғли қишлоқда сел келиб, кимнингдир уйини ёки оғилхонасини оқизиб кетса, қўни-қўшни, маҳалладошлар йиғилишиб, шу одамникига ҳашарга келишган, ғишт териб, пахса кўтаришган, кимдир ёғочдан ёрдам қилган, яна кимдир бошқа зарур материални бериб турган. Бунинг учун ҳеч қанақа пул сўрашмаган. Волонтёрлик нима эканлигини мана шу мисолнинг ўзи ҳам яхши очиб беради. Чунки волонтёрлик кўнгилли равишда ва беғараз ёрдам кўрсатиш, дегандир.
 
Бироқ, интернет орқали Ўзбекистонда кўнгиллилик ҳаракати ҳақида қандайдир маълумот изласангиз, тайинли бир маълумот топа олмайсиз. Ўйлаб қоласан: Ўзбекистонда кўнгиллилик ҳаракати ё йўқ, ё
умуман бошқача ном билан аталади.
 
Очиғи, аксарият ўзбекистонликларга кўнгилли ёки волонтёрнинг кимлигини тушунтириш учун озгина вақт сарфлашингиз керак бўлади. Батафсил тушунтирганингиздан сўнг “Ҳашарчи экан-да!” дейдиган
ҳамсуҳбатлар ҳам учраб туради.
 
Умуман, Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракати чуқур илдиз отмаётганлигини бир қатор омиллар билан боғлаш мумкин. Авваламбор, биз юқорида қайд этганимиздек, қон-қонимизга сингиб кетган ҳашар ва шунга ўхшаш эзгу одатларимиз “мажбурий-ихтиёрий” принципида амалга оширила бошлагач, одамлар ҳар қандай беғараз ва кўнгилли ёрдамга шубҳа билан қараш шаклланди. Яъни узоқ ўтмишдаги умумий сафарбарлик ҳаракатлари кўнгиллилик ҳаракати учун “қора пиар” бўлди, дейиш мумкин.
 
Иккинчидан, Ўзбекистонда волонтёрлик ҳаракатини ривожлантиришда асосан халқаро ташкилотлар, маҳаллий нодавлат ташкилотлар асосий ўрин тутиб келди. Жудаям тор доирада бўлса-да, бу борада иш олиб борилган. Лекин бу жараён тизимли ва барқарор бўлмаган. Масалан, волонтёрларни ўқитиш, уларни у ёки бу аҳоли қатлами (ногиронлиги бор шахслар, зўравонлик ёки одам савдо қурбонлари, жинсий
алоқа хизматларини кўрсатувчилар, гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар, ОИТСга чалинганлар, ёшлар, аёллар, ёлғиз кексалар билан) билан ишлашга ўқитиш грант ёхуд лойиҳа доирасида бўлиб қолган, холос. Оқибатда лойиҳа тугаши билан ёшлар ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, катта ҳаётга шўнғиб кетишган. Волонтёрлик ҳаракатга айланмасдан қолаверган.
 
Учинчидан, жуда кўп ҳолатларда у ёки бу ҳудудга волонтёрлик кераклиги ташқаридан ҳал қилинган. Масалан, Тошкентда туриб, Қорақалпоғистондаги экологик муаммолар учун волонтёрлар кераклиги ҳақида бошқотирилган. Волонтёрларни сунъий яратиб бўлмайди, улар ўзлари шу ҳаракатга қўшилишга мойил бўлиши керак, аслида.
 
Тўртинчидан, кўнгиллилик ҳаракати ҳақида ижобий ахборот кампанияси етишмаяпти. Одамлар кўнгиллилар фаолияти ҳақида қанча кўп билса, беғараз ишлари билан одамлар эътирофига сазовор бўлган
волонтёрлар фаолияти кенг тарғиб қилинса, шунча яхши. Чунки ёдимда: бир вақтлар бизга USAID халқаро ташкилотидан волонтёрлар келиб, ОИТС ҳақида икки соат тушунтириш беришганда, аксарият тенгқурларимиз билан берган илк саволимиз “қанча ойлик оласизлар?” бўлган.
 
Яна бир муҳим жиҳат. Ўзбекистонда кўнгиллиларнинг ҳуқуқий мақоми маромига етмай қолган. Юристларнинг айтишича, буям муайян муаммоларга сабаб бўлаяпти. Масалан, бундай фаолият билан шуғулланадиганларга ҳақ тўланадиган ёлланма ходим сифатида қаралиб, уларга нисбатан меҳнат қонунчилигининг айрим қоидалари, масалан, мажбурий суғурта, энг кам иш ҳақи ва бошқа талаблари қўлланади. Табиийки, ташкилотларга волонтёрларни жалб қилиш кўпроқ ҳуқуқий бошоғриқ бўлади.
 
Балки волонтёрлик оммалашмаётганининг асосий сабаби айнан ташкилий-ҳуқуқий асослар йўқлигидандир ҳам. Чунки ташқаридан қараганда на ўқишга киришда, на ишга жойлашишда ёрдам берадиган (бу ҳақида кейинроқ алоҳида гаплашамиз) волонтёрлик билан саноқли одамгина шуғулланаверади-да.
 
Сиз нима деб ўйлайсиз: фақатгина шахсий ўсишингиздан ташқари ҳеч қанақа нафи тегмайдиган волонтёрлик билан шуғулланармидингиз?