Суперконтракт

Jamshid Niyozov
5
O’rtacha: 5 (10 ovozlar)

Зап замонларда ўқиган эканмиз-да энди ўйлаб қарасам! Ўқишга кирган вақтда 70 нафар эдик, биринчи курс охиригача 110 нафарга етдик, битираётгандаги саноғимиз 98 нафар бўлди. Бу 98 талабанинг орасида танимаган-кўрмаганларимиз ҳам бор эди. Қандай қилиб дейсизми? Бунинг тарихи узун. Мавриди келса, бу ҳақда алоҳида ҳикоя қиларман, айни пайтда айтмоқчи бўлганларим умуман бошқа.

Бир пайтлар тилимизда суперконтракт ёки янаям содда қилиб айтадиган бўлсак, “ДП” деган истилоҳлар бўларди. Қўшимча контракт тўлови асосида ўқишга қабул қилишни англатувчи бу атаманинг муомаладан чиққанига ҳам саккиз йилча бўлиб қолди. Адашмасам, 2008 йили республика миқёсида қўшимча контракт асосида қабул тўхтатилган, аммо фақатгина Тошкент молия институти ва Тошкент иқтисодиёт университетларига ўқишга топширганлар ана шундай имкониятга эга бўлишган эди (сабабини кўпчилик билса керак, бу ҳам алоҳида мавзу). Шундан бери қаердадир кимдир суперконтракт асосида ўқишга қабул қилинганини эшитмадим. Бу ишлар енг ичида битаётган бўлса бордир.

“Sharh.uz”нинг мана бу хабарида 2013—2014-ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча ҳудудида инглиз тилини ўрганиш умумтаълим мактабларининг биринчи синфларидан 1-синфдан бошлаб чет тилининг ҳафтасига 2 соатдан ўқитилиши жорий этилиши, олий ўқув юртларида эса айрим махсус фанларни, хусусан, техник ва халқаро мутахассисликлар бўйича ўқитиш чет тилларда олиб борилиши жорий этилиши айрим туман ва шаҳарларда чет тили ўқитувчиларига эҳтиёжни юзага келтиргани, шу боис олий таълим муассасаларининг чет тили йўналишида кадрларга энг кўп эҳтиёж сезаётган ҳудудлардан ҳужжат топширган ёшлар учун қўшимча равишда тўлов контракт асосида имтиёзли талабаликка қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилгани, мисол учун, 2015 йилда 200 нафар йигит-қиз шундай имтиёзга эга бўлгани айтилади (http://sharh.uz/munosabat/item/7646-chet-tillarini-urganish). Лекин қайси университетга, қаерлардан ва нечтадан одам талабаликка қабул қилингани очиқланмаган.

Ростан ҳам қизиқ пайтлар эди. 50 киши зўрға сиғадиган аудиторияга 70 киши қамалганмиз. Яна денг худонинг берган куни сафимизга 4-5 таси қўшиларди. Бу ҳол декабргача давом этди. Бу ёқда йил охирлаяпти, семестр тугаяпти. Янгилар эса келишда давом этарди. Бағри кенг халқлигимизни ўшандан ўз мисолимизда ҳис қилгандим. 50 кишилик жойда 70 одам ўқиймизми деб бурун жийириб юргандик. Шу аудиторияга 110 киши сиғиб кетгач, миқ этмасдан ўқийвердик. Илашса стул, илашмаса бошқа нарса топиб...

Энг қизиғи, декабрда сафимизга қўшилганлар биз билан бир хилда семестрни ёпворганди-ей! Асосий кўпчилик 4 ойда ўзлаштирган, улар эса номини ҳам билиб-билолмаган фанлардан биз билан баравар баҳо олишганини кўриб, “Қандингни, ур-ей, Нортой!” деворгандик ўшанда.

Гарчи ташкилий тизимда кўплаб муаммолари бўлган эса-да, қўшимча контракт тўлови асосида ўқишга қабул қилиш минглаб йигит-қизларга берилган улкан имконият эди аслида. Ўзим ўқиган курс мисолида гапирадиган бўлсам, суперконтракт асосида ўқишга қабул қилинганлар ўқиш даврида давлат гранти ва контракт асосида ўқишга кирган айрим тенгқурларимиздан-да яхшироқ ўқишгани, аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топиб кетганига гувоҳман.

Расмий маълумотларга кўра Ўзбекистонда аҳолининг 64 фоизини ёшлар ташкил қилади. Бу 20 миллион ўғил-қиз деганидир. Ҳар йили коллеж ва лицейларни қарийб 500 минг ўқувчи битирмоқда. Шундан 70-80 фоизи, халқона айтганда, ҳеч бўлмаса бир марта институтга калла қилиб кўради. Бунга қўшимча равишда олдинги йилларда йиллардаги тест синовларида “йиқилганлар”ни қўшсак, 5 миллионча одам олий таълим олишга ҳавасманд эканини тахмин қилиш мумкин. Агар уларнинг сони бундан кўп бўлмаса, албатта.

 “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг сўровларига кўпам ишонавермайман. Аммо 2015 йилда ўтказилган сўровига ишонса бўлади. Гарчи қаерда, айнан кимлар ва қанча аҳоли ўртасида ўтказилгани ноаниқ бўлса-да, сўровга кўра 73 фоиз йигит-қиз олий таълим муассасасида ўқишни хоҳлашини билдирган (http://www.uz24.uz/uz/society/izhtimoiy-sgrov:-73-foiz-gzbekiston-yoshla...).

Мана шунинг учун ҳам ҳар йили абитуриентлар сони бўйича рекордларни янгилаб ётибмиз. Яна буни оғзимизни тўлдириб айтамиз. Худди бу фахрланадиган нарсадай.

2013 йилда олий таълим муассасаларига 480 407 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлса, бу кўрсаткич 2014 йили 543131 нафарни, 2015 йили 549358 нафарни ташкил этган. Бу бир ўрин учун ўртача 9-10 нафар абитуриент даъвогарлик қилган деганидир. Шулардан нари борса 60 минги (аниғи 57907 таси) ўқишга киради. Қолганлар-чи? Бунинг жавобини, менимча, юқоридагилар ҳам билмаса керак.

Фаолиятим давомида 12 йилдан бери инстутутга топшираётганларни кўрдим. Лоф урмаяпман. 4-5 йилдан бери киролмаётганларни биламан. Аммо ҳаммадан ҳам бундай иштиёқни учратавермайсиз. Қанчаларнинг тақдирини бир неча балгина ҳал-қилган-қўйган. Кўплари талаба бўлганларнинг аксариятидан фарқли ўлароқ мияси бутун болалар. Уларнинг ягона камчилиги билим билан пулсиз ўқишга кириш мумкинлигига болаларча ишонишлари ёки бундан ортиғига имкони етмаганидадир. Шундай иштиёқ учун ҳам уларга қўшимча котракт ёки бошқа шаклда имконият бериши керак эмасми? Европада гейлар, лесбилар, ҳайвонлар ва яна алланбалоларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётган, одамларни уларнинг ҳуқуқларини топташда айблаб судга бериб, ютиб чиқаётганини эшитамиз, ўқиймиз. Лекин ён-атрофимиздаги муаммоларни кўтариб чиқиш, бир неча бални деб олий таълим муассасасидан маҳрум бўлиб қолаётган ука-сингилларимизнинг ҳуқуқлари ҳимояси учун жон куйдириш кўпчиликнинг хаёлига келмайди ёки бунга юрагимиз дов бермайди.

Бу масала мени анчадан бери ўйлантириб келади. Бир неча йиллик кузатишларим, суриштиришларимга таяниб, мазкур муаммонинг айрим ечимларни топгандекман. Улардан биттасини ҳукмингизга ҳавола қиламан.

Ўзбекистонда таълим тизими, хусусан, олий таълимга қабул қилиш тизими энг коррупциялашган соҳалардан биридир. Буни мен осмондан олиб гапирмаяпман. Бош прокуратура, Олий суд, Адлия ва Ички ишлар вазирликларининг расмий нашрларини кузатиб борсангиз бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз. Гарчи сарлавҳалари жимжимадор, баландпарвоз бўлса-да, мақолаларнинг ичида барибир 1-2 та муҳим факт ва статистикаларга кўзингиз тушиб қолади. Бундан ҳам осон йўли бор. Ана ўша мақолаларнинг сувини сиқиб ташлаб, мағзини эълон қиладиган сайтлардаги хабарлар архиви билан танишиб чиқинг-а: фалончи фалончининг ўғлини ўқишга киритиб қўйиш учун мунча олиб, ишини ўхшатолмагани учун мунча йилга кесилибди, писмадончи...

Ҳатто қайсидир йили “Даракчи”да олий ўқув юртига ўқишга қабул қилишдаги тест жараёнларида қўлланиладиган коррупцион усул ва найранглар ҳақида ҳам батақсил маълумот берилган эди (http://www.darakchi.uz/uz/article/6290-test-sinovlari-tdi-siz-ai-ilni-tanladingiz). Бу ҳақиқатлар гарчи оддий халққа кўпдан маълум эса-да, унинг матбуотга олиб чиқилганидан фақат ва фақат қувониш керак.

Таълим тизимидаги коррупцияга қарши курашиш қийин. Шахсан мен унинг таг-туби билан йўқотилишига ишонмайман. Буёғи ўзбекчилик. Коттаконлар, акахонларнинг фарзандлари, набиралари, қариндош-уруғларнинг болалари, илтимослар, совғалар... Хулоса чиқариш осон, ким билсин, балки сиз билан бизнинг ҳам пичоғимиз мой устида бўлса, бундан тийила олмасмиз ёки яқинларнинг илтимосларига юз бура олмасмиз.

Ҳозирча олий таълим тизимидаги коррупцияни қўпориш имконсизми, демак, масалани ҳал этишнинг муқобил ечимларини топиш керак. Шулардан бири хусусий университетларни очишдир.

Журналистика факультетида ўқиган кезларимизда бизга дарс берган ўқитувчилардан бири, раҳматли Саид Шермуҳаммедовнинг синглиси Жамила опа Шермуҳамедова маърузаларидан бирида миллий ва хориж таълим тизими, ютуқ ва камчиликлари ҳақида гапира туриб, агар Ўзбекистонда ҳам рухсат берилса, илк хусусий университетни ўзлари очишларини айтган эдилар. Шу нарса неча йилдирки хаёлимда ғужғон ўйнайди.

Мазкур блогпостни ёзиш асносида гуглдан хусусий университетлар ҳақидаги маълумотларни излаб кўрдим. Жаҳондаги, Европадаги, Осиёдаги нуфузли нодавлат олий таълим муассасалари, уларнинг ўқитиш тизими, шароитлари билан танишдим, суратлар, видеоларни томоша қилдим. Ҳавасим келди. Универда ўтган умримга ачиндим.

Қизиғи шундаки, постсовет давлатларининг кўпчилигида, ҳатто ён қўшниларимиз Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам хусусий ёки бошқача айтганда, нодавлат олий таълим муассасалари бор экан. Фақат Туркманистондаги вазият бўйича аниқ маълумотга эга бўла олмадим, айрим манбаларда 2013 йилдан ушбу мамлакатда илк хусусий университет очилиши кутилаётгани айтилса-да, воқелар ривожи қандай кечгани ҳақида бирор бир тафсилотга кўзим тушмади.

Юқорида тахминан 5 миллионча одам имкони бўлса олий таълим олишга ҳавасманд экани, буни “Ижтимоий фикр”нинг сўрови ҳам тасдиқлагани ҳақида айтгандим. Шунингдек, ҳар йили қарийб 500 минг йигит-қиз бозордан қайтган сигирдай (момомнинг иборалари) шумшайиб ортга қайтишади. Ёшларнинг турли беъмани ишларга эмас, таълимга интилаётгани қувонарли ҳол ва буни олқишлаш, қўллаб-қувватлаш керак. Мана шу оломоннинг аксари отнинг калласидай контракт тўлаб бўлса-да ўқишга тайёр. Демак, бундан фойдаланиш керак.

Бизнинг университет, институтларга киролмагандан кейин қанча-қанча ука-сингилларимиз Америка, Англия, Россия, Малайзия, Қозоғистон, Украина ва бошқа давлатларда ўқиб юришибди. Хорижда ўқиётганларнинг аниқ статистикасини ҳеч қаердан топа олмадим. Фақатгина АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси сайтида қуйидаги маълумотга кўзим тушди (http://uzbek.uzbekistan.usembassy.gov/pr111708_uz.html):

“...2002 йилдан буён АҚШдаги олий ўқув юртларига қабул қилинаётган ўзбекистонлик талабалар сони ҳар йили қарийб икки баравар ортиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2007 йилда АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 2006 йилдагига қараганда 23 фоизга ошган…”

Бу ҳақдаги статистика тўлиқ шакллантирилса, каттагина рақам келиб чиқишига шубҳа қилмайман. Бу жуда катта миқдордаги хорижий валютанинг четга чиқиб кетишини англатади. Бундан ҳам ёмони, чет элда ўқишга отланганлар ҳеч бўлмаса битта тилни биладиган, ўз кучига, билимига ишонган, аммо адолатсизлик, омадсизлик ва бошқа сабабларга кўра Ўзбекистонда талаба бўлолмаганлардир. Улар чет элда таҳсил олгач ё ўзлари ўша жойлардаги турмуш даражаси, маданияти, шароитларига ҳавас қилиб, ёки бўлмасам, университет раҳбарияти, ўқитувчилари, малака оширган корхоналарнинг илтимос-таклифларини қабул қилиб ўша жойларда қолиб кетиши мумкин. Бу инсон капиталининг, эртага юртни оёққа турғазишга қодир кадрларнинг бой берилиши демакдир.

Хорижда ўқиб, ватанга қайтадиганларга ҳам енгил деб бўлмайди. Улар бирон жойга ишга киришлари учун дипломларини нострификациядан ўтказишларига тўғри келади. Улар таҳсил олган таълим муассасалари ва йўналишлари миллий таълим стандартларига мос келса хўп-хўп, бўлмаса урди худо. Шунча йиллик саъй-ҳаракат зое кетади.

Мамлкатимизда хусусий университет ва институтларнинг очилиши ҳар йили четга оқиб кетаётган хорижий валюталарнинг республикада олиб қолинишига сабаб бўлган, бундан ҳам муҳими, инсон капиталининг бой берилишининг олдини олган бўларди. Қолаверса, нострификация деган бошоғриққа ҳам ҳожат қолмасди. Бу яна битта даҳмаза, қоғозбозлик йўқ бўлади деганидир.

Бундан ташқари, хусусий олий таълим муассасаларининг очилиши ички рақобатни ҳам юзага келтириши мумкин. Яъни давлат ва нодавлат таълим муассасалри ўртасидаги рақобат. Бу эса эскча қолипда фаолият юритаётган, кўп ҳолларда бир тийинлик фойда бермайдиган курсларнинг қисқариши, таълимга янгича қараш шаклланишига умид уйғотади. Акс ҳолда олий таълим, умуман, таълим тизими шу алфозда кетаверса, унинг истиқболидан ҳеч қандай умид йўқ (бу ҳақда кейинги постларимда атрофлича, рад этиб бўлмас мисоллар билан маълумот бераман).

Бу ғояни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш мумкин ё мумкин эмаслиги билан қизиқиб кўрдим. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига телефон қилиб, мақсадимни баён қилгандим, мени Олий таълим муассасалари бош бошқармаси билан улашди. Ўзимни таништирдим. Саволларимни бердим. Қўшимча контракт асосида талабаликка қабул қилиш тизимини янатикланадими деган саволимгаайни пайтда бу нарса кўзда тутилмаётганини айтишди. Ўзбекистонда хусусий университетлар очиш мумкинми деган саволимга эса Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва соҳага оид амалдаги қонун ҳужжатларида бу нарса кўзда тутилгани, аммо буни амалга оширишнинг ташкилий механизмлари ҳали ишлаб чиқилганини айтишди. Майли-да, ҳар ҳолда тақиқланмаган эканми, бугун бўлмаса, эрта-индин бу иш амалга ошиб қолар. Балки шу ишни Сизу биз амалга оширармиз, нима дедингиз?!

Izohlar

senor's picture
0

Ajoyib !

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Ming ranj-alam bilan o'qib chiqdim, xuddi eski bitmay turgan yaramni o'z qo'lim bilan qayta tirnagandek bo'ldim. Blogpostda ayni haqiqatlarni yozgansiz. Bizda universitetga kirishni juda-juda istashadi, lekin universitetlarimiz bunga javob bermaydi. Men shunday o'qituvchilarni bilamanki, na yig'lashingni bilasan, na kulishingni bilasan. Rus guruhiga darsga kiradi, lekin rus tilining R harfini bilmaydi. Bir rus guruhidagi millati o'zbek bo'lmagan qiz bilan gaplashgan edim: "Domlya, man boshida o'zbekchasiga tushunmasdim, endi men ham tushunadi, lekin shunda ham o'zgarish yo'q", men unga "Ha ana o'zbekchani yaxshi eplayapsizku, yana nima muammo?" desam, "Man boshida bular ruscha bilishmaydi desam, fanini ham bilmas ekan" deydi. Bola bechoraga shunaqangi rahmim keldiki o'sha paytda, essiz shuncha pul to'lab o'qish debman.
Bizda ta'im tizimi qulog'ining uchigacha korrupsiyalashib ketganmi deyman ba'zan, chunki ba'zan ta'limdan ming chaqirim uzoqlikda yashaydigan aynan ta'lim tizimida ishlaydi. Ba'zan "qonim qaynab ketib", siz qanday qilib dars berasiz? deb so'rasam "Menda tashkilotchilik kuchli" degan javob olaman. Padariga ming la'nat, hamma yoqni tashkilotchilar bosib ketdi.
Jamshid aka, biz avval xususiy universitetlar ochish haqida emas, borlarini isloh qilib olishimiz kerak adashmasam, chunki chet el ta'lim tizimi bilan solishtirganda holimiz aaancha xarob. gumanitar fanlarku mayli, lekin tabiiy fanlar bo'yicha hatto mamlakatning eng oldi universiteti hisoblangan Milliy Universitetda ham mondali laboratoriya jihozlarini topib bo'lmaydi. Viloyatlardagi universitetlarniku gapirmay qo'ya qolay. Hamma narsa nazariy, hammasi. Nazariy bo'lganda ham kuchli bo'lsa qaniydi! Exx, bu borada o'ylasam, ba'zida yonib ketaman. Siz aytgandek, agar O'zbekistonda ruxsat berilsa men ham kelajakda o'zim xususiy universitetni tashkil etishni o'ylagan edim.
Hurmatli saytdagi mazkur kommentni o'qib turgan talabalar, agar siz to'lov-kontrakt asosida o'qiydigan bo'lsangiz, birinchi kursga kirganingizda universitet siz bilan shartnoma tuzgan, sen manuncha pul to'laysan, men esa buning hisobiga seni yaxshi jihozlangan auditoriya, eng malakali o'qituvchilar va eng so'nggi ta'lim yangiliklari bilan ta'minlayman degan mazmundagi. Agar kontrakt pulini bir hafta kechiktirsangiz hatto darsdan chiqarib haydashni bilishadi, siz ham haqqingizni talab qiling, o'qituvchi sizga yetarlicha bilim berolmayaptimi, rahbariyatga murojaat qiling, og'zaki emas, chunki talabaning og'zaki murojaati hech qayerga o'tmaydi. Har bir universitetning rektoratida universitet huquqshunosi ishlaydi. Huquqshunosning oldiga kirib, "men shu fan bo'yicha menga dars o'tayotgan o'qituvchinign bilim berishidan qoniqmayapman, menga universitetga kirganimda tuzilgan shartnoma meni oliy malakali o'qituvchilar o'qituvchilar o'qitilishi kafolatlanadi deb yozilgan. Endi qay tartibda shikoyat qilsam bo'ladi" deb jiddiy so'rang. Ana o'shanda ularning paytavasiga qanday qilib qurt tushganini bilib olasiz. Guruh rahbaringiz, kafedra mudiringiz, dekaningiz buni sizga hal qilib bermaydi, ularga murojaat qilib ovora bo'lmang. Unutmang, siz bizga sizni o'qitib, yetuk bilimli kadr qilib yetishtirishimiz uchun pul to'layapsiz, bekordan bekorga kelib daftar to'ldirib ketishingiz uchun emas. Ota-onangizning qiyinchilik bilan pul topib, sizni o'qiyotganining qadriga yeting.

IS's picture
0

Tasanno! Juda to'g'ri maslahat beribsiz talabalarga.

Abu Zahro's picture
5

долзарб, кўпчиликни ўйлантираётган муаммо кўтарилган. муаллифга раҳмат. буни таҳлил қилишга ҳаммаям журъат қилаолмайди

HappyMan's picture
5

Taklif qilgan yechimingiz meni o'ylantirib qo'ydi. Bu ishga pul tikadigan boylarimiz bormi? Yoki ularni do'konu supermarket, oshxonayu-choyxona qurishdan zerikishini kutishimiz kerakmi? Xohishning o'zi qanchalik yetarli? Yana bir qiziq xolat bo'lishi mumkin. Kirish imtihonini o'zingiz olasizmi yoki standartni bajarish kerak deb yana DTM aralashadimi? Bugungi kunimizda qo'shimcha ro'yxat DTM (yoki oliy ta'lim)dan kelsa ham aslida qiziq sxemali o'yinlari bor nazarimda )))
Post ajoyib yozilgan, ijodga omad.

Shida's picture
5

Judayam foydali va aniq faktlar bilan yozilgan post bo‘libdi. Postdagi korrupsiya, o‘qituvchilarning malakasi va boshqa fikrlarga qo‘shilaman, lekin taklifingizga biroz e‘tirozim bor. Oliy ta‘lim tizimini bitirayotganlarni hech bo‘lmasa 50%i ish bilan ta‘minlanyaptimi? Shuncha pul to‘lab, eski nazariyalar bilan aldanayotgan bitiruvchilarni qog‘ozda ishli qilib chiqarib yuborishadi. Institutni ochib bekorchixo‘jalarni ko‘paytirgandan ko‘ra borini tozalab, iloji boricha kamaytirish kk. Bekorga shuncha kollejlar qurildimi? Shu kollejlarni diplomi bn ishlash mn, ammo ish bn bandlik muammosi bizda avj nuqtada bo‘lgani tufayli, kadrlar oliy ma‘lumot bn chegaralanishga majbur. Men aniq bilaman, hozir ishlayotgan ish joyimda meni ishimni bemalol kollej bitiruvchisi eplaydi, taklif kam talab ko‘pligi uchun "planka"ni ko‘tarib olishgan.

Bakhtiyor Sheraliev's picture
0

Bitiruvchilarning ishga joylanishidagi muammo ta'lim bilan bog'liq muammolarimizdan yana biri hisoblanadi. Bunga bir qancha omillar sabab bo'ladi, birinchidan, bitirib chiqayotgan aksariyat talabalarning kadrlar bozori talablariga javob bermasligi, bunga sabab esa aksariyat yoshlarimiz o'z sohasini juda yuzaki biladi, ba'zan esa deyarli bilmayydi, tilni bilmaydi (aksariyat talabalarimiz faqat o'zbek tilini biladi xolos); ikkinchidan, ishga joylashishda erkin raqobatning yo'qligi, bu jarayon kadrning bilimiga, malakasiga emas, boshqa omillarning hisobga olgan holda kechishi; uchinchidan, tashkilotlar, muassasalarning oliy ta'lim bilan kadr yetkazib berishda hamkorlikning yo'lga qo'yilmaganligi; to'rtinchidan, kadrlar bozori masalasida rejali monitoring va marketingning ishlamasligi; beshinchidan, ...
Keyin yana bir narsa, talabaning ish bilan bandligini ta'minlashni oliy ta'limga yuklash menimcha xato, bu soxta qog'ozlarning yuzaga kelishiga sabab bo'lmoqda.

jimmy's picture
5

Jamshid aka, aynan men anchadan beri aytmoqchi bo`lgan narsalarni yozibsiz. Xususiy ta'lim haqidagi fikringizga 100 foiz qo`shilaman. Xususiy ta'lim haqida men ham o`z blogpostimda ta'kidlab o`tganman.
(http://saharschool.org/content/qachongacha-ozimizni-aldashda-davom-etamiz)
Pullik ta'limni ham joriy etish kerak. Pulini to`lasin va o`qisin. Lekin fanlarni o`zlashtira olmasa, haydalsin. Ularni o`z bilimi bilan kirganlar qatoriga qo`shmaslik kerak. Alohida-alohida guruh qilish kerak. Aytamiz desak gap ko`p. Bu muammoni faqat shu tanlovda yoritganimiz bilan to`xtab qolmasligi kerak, Jamshid aka. Kimdir muammoni ko`tarib chiqib hal qilishi kerak. Agar hozir muammo bartaraf etilsa, samarasi 30-40 yillardan keyin namoyon bo`ladi. Demak, kundan kunga kech qolyapmiz.
Quramboyev Jamshid

Isroil Tillaboyev's picture
5

Jamshidbek ofarin! Xayolga kelmagan narsalarni ko'tarib chiqasizey!

Bahodir Mahmudov's picture
5

Pedagog sifatida barcha fikrlaringizni qadrlayman. Bilasizmi, Jamshid aka. Siz aytgan taklifni birdaniga amalga oshirishni qiyin ish deb o'ylayman. Fikrimcha, ishni avvalo, xususiy maktabgacha ta'lim muassasalari va xususiy maktablarni ochishdan boshlash kerak. Birinchidan, universitet va isntitutlarga qaraganda bularning ish ko'lami kichikroq, ikkinchidan moliyalashtirish ancha osonroq kechadi. Agar, ruxsat berishganda albatta, eng birinchi bo'lib xususiy maktab ochganlardan biri bo'lardim. Post uchun rahmat

Imronbek's picture
5

Men ham ta'lim tizimi yaxshilanishini, yaxshi dars o'tishlarini, dars berishni bilmaydigan o'qituvchilar bo'lmasligini istardim. Blog uchun rahmat.

IS's picture
5

Maqola uchun rahmat, Jamshid aka! Har doimgiday dolzarb, qaltis mavzuni olib chiqibsiz. Undan tashqari, har doimgiday ko'tarib chiqqan masalangizni qonun doirasidagi asoslarini bilish uchun bir joylarga qo'ng'iroq qilganingiz zo'r! Statistik ma'lumotlar uchun ham rahmat.
Mavzu bo'yicha fikrlarim: To'g'risi, sarlavhadan "unchalik dolzarb emasku, hozir menimcha bu narsa kamayib ketdi, siyqasi chiqqan tanqidmikin" deb o'ylagan edim. Lekin brend name.ingiz o'qishga majbur qildi. "Ammamning sigiriday" deng. LOL. Hullas, superkontrakt qonuniy bo'lganligi men uchun kashfiyot bo'ldi. Aytib o'tgan muammoingizga yechimni endi keltiraman deb turgan joyingizda men ham huddi o'sha fikrni - hususiy universitetlarni hayolimga keltirib turgandim. To'g'rirog'i, "Shuning uchun MDIS.ga o'xshagan institutlarga talab kuchayib borayabdi, shularni ko'paytirish kerak" deb turgan edim.

IS's picture
0

Maqolangizni MDIS kabi institutlar ro'yhati va ularga talab bilan to'ldirib qo'ysangiz ham bo'ladi. MDIS, INHA, TURIN, Rossiyaning bir qator filial-institutlari, Westminster kabilar minglab yoshlarimizning talablarini qondirishyabdi. Lekin siz aytganday valyutaning bari o'zimizda qolsa albatta ming martta yaxshi. Hususiy univerlarni ochish kerak, shu o'zimizdagi chet el institutlarining filiallari, hamkorliklari misolida ochish kerak. Bular ancha-muncha yo'lni bosib qo'yishdi. Chet el ta'lim tizimining nimalarini tadbiq qilsa bo'ladi, foydali, nimalarini bo'lmaydi va foydasiz, shularning misolida bemalol o'rganish mumkin.

Ha, albatta, shu ishni qilishga bel bog'lasangiz, albatta habar bering, hasharga boraman! :)

IS's picture
0

test