Автомобилингизни ювиб юрсангиз бўлмайдими?

Bahtiyor Gaziev
4.555555
O’rtacha: 4.6 (9 ovozlar)

Сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки — умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади. (Ўзбекистон Республикасининг “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” қонуни 5- модда)

- …

- хужжатларингизни кўрсатинг ҳурматли ҳайдовчи.

- тинчликми камандир? Қоидани бузмадимку? Мана хужжатларим.

- тинчлик, тинчлик. Ха, йўл харакати қоидаларини бузмадингиз. Хўўш, автомобилингизни ювиб юрсангиз бўлмайдими?

- тез-тез ювмайман, чунки балиқларни яхши кўраман.

- тушунмадим?

- балиқшунос олим дўстимнинг айтишича инсоният ҳалокияти сабабларидан бири айнан балиқларнинг қирилиб кетиши бўлар экан.

- ....

 

Мана шу тоифадаги суҳбатда вақт йўқотмаслик учун ҳам автомобилимни тозалатиб туришим керак. Бунга эса одатда дам олиш кунлари вақтим бўлади. Узоққа бормаслик учун уйим яқинидан оқиб ўтадиган канал бўйида кетма-кет тўртта автомобиль ювиш шахобчасидан бирига кираман. Ҳар сафар у ерда автомобилим ювилганидан хурсанд бўлсам, ишлатилган сувни каналга оқизишаётганидан эса хафа бўламан. Чунки каналга чиқарилаётган оқова сув таркибида ювиш воситалари ва мой қолдиқдари бўлади. Бу эса каналдаги жонзотлар ва флорага зарарли хисобланади...

Биламизки, автомобиль ювишда тоза ичимлик сувидан фойдаланишга рухсат берилмайди. Шунинг учун улар артезиан қудуғи, ариқ ва каналлардан сув олишлари мумкин, аммо оқова сувларини коммунал-экологик нормативига мос равишда ташлашлари керак эмасми? Ҳажми ҳеч кимни қизиқтирмайдими?

Тушунарли бўлиш учун мавжуд ҳолатда канал ёқасида жойлашган автомобиль ювиш шахобчасида сувни ишлатилиш тартибини кўрсатиб ўтаман.

Шу ўринда аслида автомобиль ювиш шахобчаларида сувдан фойдаланиш қандай бўлиши керак деган ўринли савол пайдо бўлади. Интернет оламида бир қанча яхши ечимлар мавжуд. Шулардан бирини мисол сифатида бериб кетаман. Асосий мақсад эса сувдан оқилона ва зарарсиз фойдаланиш мумкинлигини кўрсатиш.

Хужжатларни изланар эканман, канал ёқасида жойлашган автомобиль ювиш шахобчаси (АЮШ) лойиҳаси билан қизиқаётган жисмоний шахс сифатида my.gov.uz порталидан “Сувсоз” ДУК ва Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасига сув бўйича техник шартларни сўраб хат ёздим. “Сувсоз” ДУК тайинли жавоб бермаган ҳолда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасига мурожаат қилишимни айтди. У ердан эса ҳалигача жавоб келмади. Назаримда йўлга қўйилган техник шартлар тизими мавжуд эмас.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 14 июндаги №171 сон билан тасдиқланган “Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низом”да умумий гаплар бўлсада, АЮШ учун техник шартлар ва йўриқномалар ишлаб чиқиш вақти келмадими? Чунки мен ҳам уйим ёнидан оқиб ўтувчи канални марказдаги Анхордек чиройли бўлишини, фарзандларимни айлантириб юришни хоҳлайман. Ахир бу масала нафақат менинг хоҳишим, балки Давлатнинг истаги эмасми? Нега унда Вазирлар Маҳкамисининг 2013 йил 16 октябрдаги “Тошкент шаҳри ҳудудидаги каналларнинг санитария ҳолатини яхшилаш ва ободонлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори доирасида ташкил этилган ихтисослаштирилган бошқарманинг вазифалари белгилаб берилди?.

2010 йил 3 февралдаги №3 сон “Коммунал хўжалиги тизимида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарори иловасида “Ишлаб чиқариш оқова сувларини қабул қилиш қоидалари ҳамда ифлослантирувчи моддаларнинг Ўзбекистон Республикаси шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларининг коммунал канализация тармоқларига нормативдан ортиқча оқизилганлиги учун компенсация тўловларини ҳисоблаш тартиби” келтирилган экан. Бу компенсация тўловлари давлат ғазнасига (ёки тегишли идорага) келиб тушмоқдами деган саволни охирини топиш мураккаб бўлса керак.

Автомобиль ювишда “карчер” номли юқори босим билан сачратиб берувчи қурилма сувни анча самарали ишлатади, аммо шунда ҳам АЮШ ҳудудида бекорга оқиб ётган сувларни кўриш мумкин. Бу нимадан далолат беради? Ишчи ходимларнинг сувни самарали ишлатиш кўникмаси сабаб эмасми? Аслида бунинг ечими жуда оддий. АЮШ сувни артезиан қудуғи, ариқ ва каналлардан олишидан қатъий назар сув ҳисоблагичини ўрнатиш керак. Ҳисоблагичда ёзилган сув ҳажмича оқова сувга эса пул тўлаши зарур. Ана шунда бошқарувчи ўзи ўчар вентилларни ўрнатишини кўрасиз.

Ювилган автомобилни бошқаришни хохлайман, аммо балиқларни ўлими ҳисобига эмас... Ҳамма хайдовчилар ҳам АЮШ тизимини билишмайдику деган ўринли савол бераётган бўлсангиз керак. Бу муаммонинг ҳам ечими бор. Ҳайдовчилар, ишбилармонлар ва назорат органлари учун тушунарли бўлган баҳолаш тизими яратиш керак. АЮШ табиатга камроқ зарар келтириши тарғиб қилувчи бу тизимни GreenRCW (Green Rating for Car Wash) деб номладим. 

Асосий олти гуруҳга бўлинган 20 та критерия асосида йиғилган баллар жамланганда АЮШнинг GreenRCW юлдузлар сони келиб чиқади. Ана энди ҳайдовчи хоҳласа табиатга кўпроқ зарар келтирадиган бир юлдузли шахобчани ёки бешта юлдузлисини танласин. Ҳайдовчига нафақат нархда, балки табиатга зарар келтириши нуқтаи назаридан ҳам танлаш имкони берилсин. АЮШ раҳбари беш юлдузли қилишга ҳаракат қилсин, излансин, табиатни севсин. Сув ва табиатни муҳофаза қилиш органлари эса бемалол статистикасини юритаверсин...

Izohlar

Rahimjon's picture
5

Bugungi kundagi eng dolzarb muammolardan biri - toza ichimlik suvi! Insonlarni bunga o'rgatmasak bo'lmaydi! Zo'r g'oya!

saharschool's picture
0

.

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Yashang!!!

HappyMan's picture
5

Раҳмат. Кўпчиликка узунроқ коммент ёзаётганиздан, мен ҳам анча кўпроғини кутибман ))

Bakhtiyor Sheraliev's picture
0

:)))))) Adash aka, bloglarga yozayotgan kommentlarimni o'qib borayotganingizdan xursandman. Lekin shunisi borki, men ba'zi bir jihatlarni to'g'risi bilmayman, shu bois o'zim bilmagan, tushunmagan, kuzatmagan narsalarda haqida kelajakda uyalib qolmaslik uchun fikr bildirmaslikka harakat qilaman. Blogpostingizdagi holat haqida ham xuddi shundek, o'zimda shaxsiy avtomashinam yo'q, negadir shu borada menda oqsash mavjud, mashinalarga unchalik qiziqmayman. Uydagi akamning mashinani ham adashmasam yoshligimda bir marta yuvganman, shunda ham chala yuvgan bo'lsam kerakki, menga boshqa buyurmagan, bu ishni ukam menda yaxshi eplardi:)))) Shu bois hech narsa demagan edim. Shunday bo'lsada, menga javob yozganingiz uchun kattakon rahmat:)!

Bakhtiyor Sheraliev's picture
0

:)))))) Adash aka, bloglarga yozayotgan kommentlarimni o'qib borayotganingizdan xursandman. Lekin shunisi borki, men ba'zi bir jihatlarni to'g'risi bilmayman, shu bois o'zim bilmagan, tushunmagan, kuzatmagan narsalarda haqida kelajakda uyalib qolmaslik uchun fikr bildirmaslikka harakat qilaman. Blogpostingizdagi holat haqida ham xuddi shundek, o'zimda shaxsiy avtomashinam yo'q, negadir shu borada menda oqsash mavjud, mashinalarga unchalik qiziqmayman. Uydagi akamning mashinani ham adashmasam yoshligimda bir marta yuvganman, shunda ham chala yuvgan bo'lsam kerakki, menga boshqa buyurmagan, bu ishni ukam menda yaxshi eplardi:)))) Shu bois hech narsa demagan edim. Shunday bo'lsada, menga javob yozganingiz uchun kattakon rahmat:)!

Жамшид Ниёзов's picture
5

Жуда ажойиб фикрлар. Мавзу оригинал, инфографикаларга-ку, гап бўлиши мумкин эмас. тахмин қилганимдан анча яхши ёзибсиз. Битта блогпост учун яхшигина изланилган, меҳнат қилинган. Мана шуниси ҳурматга сазовор.

Isroil Tillaboyev's picture
5

Baxtiyor aka har safar artezian suvi trubasiga ulavolib mashina yuvib tirikchilik qilayotganlardi ko'rib men ham shu kabilarni o'ylardim. Axir bu suvlarga arablar zorku, noshukurlikmasmi, isrof, deb achinardim... Yashang, men ham biror kun rasmlari bilan shu mavzuda yozishga niyat qildim!

Bahodir Mahmudov's picture
0

Kutilgan mavzu, kutilgan yondoshuv :)

Shida's picture
5

Juda yaxshi mavzu. Yechim va hulosa ham berilgan. Infografikalar esa mavzuni qiziqarli va tushunishni osonlashtirgan. SHunday fiydali postlar yozishdan charchamang

Sarvar's picture
0

Бу пост Мен кутганимдек бўлган! қойил!!!

HappyMan's picture
0

Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасидан жавоб хати келди...

Sarvar's picture
0

коментга ташланг

Hayrulla15's picture
1

Baliqni saqlash uchun avvalo baliqni o'zi bo'lishi kerak) Bizda hozir daryolarda 30 yil oldin bo'lgan baliqni 10% qolgandir.
Siz avvalam bor portal avtomobil yuvishni (портальная автомойка) organib chiqing. Eng suvni tejaydigan tizim.
Mavzu hozirda dolzarb emas, 20-30 yildan keyin balkim dolzarb bo'lib qolar. Hozir suvni tejash qishloq ho'jaligidan boshlash kerak!

HappyMan's picture
0

Fikrlaringiz uchun rahmat Hayrulla aka (30 yil oldingi narsalarni bilishinguzga qaraganda yoshingiz mendan ancha katta bo'lsa kerak)
Avvalo baliqlar muammosi shunday dolzarbligini e'tirof etganingiz uchun hursand bo'ldim. 30 yil oldin baliqlar muammosi bo'lmaganda ham kimdur, qaysidir konferensiyalarda bu haqida gapirganiga ishonaman, ammo nazarimda unga o'sha vaqtda "hozir bu dolzarb mavzu emas. Baliq va ekologiya haqida o'ylagancha iqtisodiyotni ko'tarishni o'yla deyishgan" natijada esa o'zingiz aytganingizdek bugungi kunda 10% baliq ham qolmagan. Endi hozir biz ham suv muammosini 20-30 yildan keyinga qoldirsak bor resursimizni yo'qotib qo'ymaymizmi? Baliqniku ko'paytirish mumkin, suvni nima qilib ko'paytiramiz? Shuning uchun oshxonadagi suv tejamkor nasadkadan tortib Siz aytgan qishloq ho'jaligigacha targ'ib qilish kerak nazarimda!
Shu o'rinda Siz taklif qilgan tizimni albatta o'rganib chiqaman. Rahmat. Foydasi bo'ladi.
Men uchun 1>40 bo'lganini ham aytmoqchi edim, yana hursand bo'lgan bir jihatim faqat meni postimga comment qoldirish uchungina saytdan ro'yxatdan o'tganingiz bo'ldi ))
PS. O'zim katta bo'lgan Angren shahri ichidan oqib o'tadigan kanalda baliq tutib yurgan ovchilarni ko'raman, demak balig'imiz bor hali. Saqlashimiz, sharoit yaratib ko'paytirishimiz mumkin.
PS2. O'rmonga o't ketganida bir kichik qushcha tumshug'ida suv olib kelib olovni o'chirishga harakat qilayotganmish. "Hey, Seni bu ishing bilan hech narsa o'zgarmaydiku. Qochsang bo'lmaydimi?" deyishganida "Men o'z fazimani bajarayabman...." degan ekan. Balki bu qushchaning harakatlari, fidoiyligi qochayotgan filni to'xtatar va u hartumida suv olib kelib sochar. Balki hamma hayvonot olami o'z o'rmonini saqlashda birlashib harakat qilishar. Shunda qushcha suv olib kelmasdan, uni qayerdaligini ko'rsatib jarayonni boshqarar... Umuman blogerlikni ham shunga o'xshataman. Har bir bloger qo'lidan kelganini, aqli yetganini va taklif beraoladigan mavzusini ko'taraverishi kerak. Dolzarblik mavzusi blogerlar uchun chegarasi yo'q bo'lgan nisbiy tushuncha nazarimda...

HappyMan's picture
0

Uzr so'rayman, boshqa postlarda ham fikr qoldirgan ekansiz...