“De jure — de facto”

Jamshid Niyozov
5
O’rtacha: 5 (6 ovozlar)

Ҳуқуқда шундай атама бор: “де юре — де факто”. Аслида булар алоҳида-алоҳида сўзлар, аммо Ҳасан ва Ҳусандек бир-биридан ажралмайди. Бири босолмаган жойни иккинчиси забт этади.

Лотин тилидан олинган бу сўзларнинг бири “юридик томонлама”, “ҳуқуқий жиҳатдан”, “қонунга кўра” деган маъноларни англатса, иккинчиси “амалда”, “аслида” “ҳақиқатда” деган маънода ишлатилади. Содда қилиб айтганда, қоғозда мана бундай ёзилган, амалда эса мана бунақа деганидир.

Хўш, бу атамани нега эсладим?! Ўзбекистонда айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва уларнинг ижросига муносабатни таҳлил қилиш асносида ана шу атама ёдга келди. “LexUz”га кириб, қонун ҳужжатлари билан танишсангиз, ҳаммаси “чики-чики”, аммо уларнинг ижроси борасида бундай деб бўлмайди. Қуйида уларнинг айримларини биргаликда кўриб чиқамиз.

“De jure”

Меҳнат кодексининг 80-моддаси. Ушбу моддада ишга қабул қилиш вақтида талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати келтирилган. Унга кўра ишга кираётган шахс ишга қабул қилиш вақтида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

— паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжат (ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома) ва турар жойидан маълумотнома;

— меҳнат дафтарчаси (биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно). Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотнома;

— ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳнома;

қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.

Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ишга кираётган шахснинг паспорти ҳақиқий бўлмаса, худди шунингдек, ишга кираётган шахс вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин (“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ 2016 йилнинг 26 апрелидан кучга кирган ушбу банд ҳақида қуйида батафсил тўхталамиз).

De facto

Амалда эса бошқачароқ. Юқоридагиларга қўшимча сифатида аксарият иш берувчилар ишга кираётган фуқаролардан резюме (объективка), таржимаи ҳол, 20-30 банддан иборат тўлдирилган сўровнома, баъзи ҳуқуқни муҳофаза идоралар ва уларнинг тизимидаги ташкилотларга ишга киришда судланмагани ҳақида маълумотнома, 3х4 ҳажмдаги 4 дона сурат, баъзида тиббий маълумотнома ва бошқа ҳужжатлар талаб қилинади. Масалан, аёлим Яккасарой енгил саноат касб-ҳунар коллежига ишга кираётганида директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳомиладор эмаслиги ҳақида УТТ хулосасини олиб келишни талаб қилган. Битта унданмас, ҳаммадан. Аслида бу мутлақо ноқонуний. Меҳнат кодексининг 224-моддасига кўра ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади (бундай ҳатти-ҳаракат маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлиши мумкин).  Мақсад ҳомиладор аёлларни ишга қабул қилмаслик, эртага уларга отнинг калласидай декрет пули тўлашдан ва бунинг орқасидан келадиган бошқа ташвишлардан қочиш. Афсуски, юртдошларимизнинг аксарияти иш берувчи билан муносабатлари дарз кетишидан ҳайиқиб, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришмайди ва ёпиқ қозон ёпиқлигича қолиб кетаверади.

De jure

“Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида” қонунимиз бор. 1993 йил 6 майда қабул қилинган. Ушбу ҳужжатда сувдан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахсларга зиммасига юклатиладиган бир қанча мажбуриятлар бор. Уларнинг тўла-тўкис ижро этилиши учун қонуннинг ўзи етарли бўлмади шекилли 2013 йил 19 мартда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”, 2013 йил 14 июнда эса “Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди. “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни ижро этиш ҳамда сувдан фойдаланиш ва сув истеъмолини янада тартибга солиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш мақсадида қабул қиланган ушбу ҳужжатларга кўра ичимлик сувидан саноат мақсадида (масалан, машина ювиш, кўчага ёки ҳовлига сув сепиш) ва қишлоқ хўжалиги мақсадида (томорқани суғориш, иссиқхоналарда ўсимликларни суғориш) яна бир марта тақиқланди.

De facto

Амалда бундан ҳеч қандай фойда бўлгани йўқ. Тоза ичимлик суви ҳалигача техник, саноат ва қишлоқ хўжалиги мақсадларида беминнат ишлатилмоқда. Муаммо қарорда белгиланган вазифаларнинг ижро механизми ишлаб чиқилмагани билан боғлиқ. Ким буни назорат қилади, қандай қилиб, бунинг учун ҳақ оладими, назоратчилар қандай ҳуқуқларга эга — бу саволлар ҳалигача очиқ қолмоқда.

“De jure”

Машина сотиб олингач, уни расмийлаштириш яхшигина бошоғриқ. Буни бошидан кечирганлар яхши билади. Билганлар учун такрор бўлса-да, билмаганлар учун бу жараён ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсам.

Вазирлар Маҳкамасининг “Автомототранспорт воситаларини сотиб олиш, улардан фойдаланиш ва уларни бошқа шахсга беришни тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори (2006 йил 7 март) билан тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан автомототранспорт воситаларини, бошқа шахсга бериш (олди-сотди, алмаштириш, ҳадя этиш, рента) шартномалари нотариуслар томонидан нотариал тартибда тасдиқланиши керак.

Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тартибда тасдиқлаш Фуқаролик кодекси, “Нотариат тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади. Нотариуслар автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни тасдиқлашдан аввал уни бошқа шахсга бериш тақиқланмагани ва хатлаб қўйилмаганини текширади.

Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга бериш шартномалари тасдиқлангунга қадар улар рўйхатга олинган жойдаги ёки битим содир этилган (сотиб олувчининг хоҳишига кўра) жойдаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати (ДЙҲХХ) органларида агрегатлар рақамлари рўйхатдан ўтказиш рақамларига мувофиқлиги юзасидан кўздан кечирилади ва буни амалга оширган мансабдор шахснинг фамилияси ҳамда исми ва отаси исмининг бош ҳарфлари, кўздан кечирилган сана кўрсатилган ва мансабдор шахс имзоси қўйилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш ҳужжатидаги штамп билан тасдиқланади.

Нотариус ана шу ҳужжатга асосан автомобилни янги эгаси, яъни сотиб олаётган шахс номига расмийлаштириб беради.

“De facto”

Амалда-чи! Амалда мазкур ҳолат билан боғлиқ кўплаб муаммолар бор. Куни кеча бўлган воқеа. Бир юртдошимиз Сирғалидаги машина бозоридан “Damas” русумли автомашина сотиб олади. Юқоридаги процедура қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бажарилади. Харидор машина, унинг калити ва ҳужжатларини, сотувчи эса келишилган пулни олиб уйига равона бўлади. Орадан уч кун ўтгач ҳали “ювиш”га ҳам улгурилмаган автомобил жиноят-қидирув бўлими ходимлари томонидан ушланиб, олиб қўйилади. Асос: машинани сотган эмас, ундан аввалги эгаси автомобилнинг ҳужжатлари ва агрегат рақамларини сохталаштиргани, бу автоулов аслида умуман бошқа бировнинг шахсий мулки бўлгани учун.

Бундай ҳолатни ҳеч кимнинг бошига солмасин. Машинани қонуний тартибда сотиб олган фуқаро йўқ жойдан яхшигина пулга тушиши мумкин. Нега дейсизми? Чунки аввал сохталаштириш жиноятини содир этган одамни топиш, тергов қилиш, бу ишни судда кўриб, унинг айбини исботлаш, исботлангандан сўнг эса кўрилган зарарни ундириш керак бўлади. Бу эса сон иш эмас. Чунки суд ҳужжатларини ижро этиш масаласи республикамизда энг оғриқли, ечимталаб масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Қолаверса, жавобгар жабрдийдани мутлақо танимайди. Чунки машинани унга сотмаган. Машина аллақачон 3 та қўлни кўриб улгурган. Сотганлар эса жиноят содир этмаган. Улар ҳам жабрдийда каби алданишган, энг муҳими, қонунни бузишмаган. Бундай ҳолатда иш йиллаб чўзилиши мумкин. Бу ҳақда “tafsilot.uz” сайтида эълон қилинган “Автомобиль. Суд. Отасиз қолган уч бола” (http://tafsilot.uz/avtomobil-sud-otasiz-qolgan-uch-bola/) номли мақолада атрофлича ҳикоя қилинади.

Шу ўринда савол туғилади:

Давлат томонидан айнан мана шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тайинланган ДЙҲХХ ходими нега сувдан қуруқ чиқаяпти? Аслида кўрилган зарар ундан ундирилиши керак эмасми? Ахир у эмасмиди автомобилнинг ҳужжатлари ва идентификация рақамлари ҳақиқийлигини имзоси билан тасдиқлаган? Имзо ҳуқуқи мансабдорларга катта имкониятлар бериши билан бир қаторда уларнинг зиммасига жавобгарлик мажбуриятини ҳам юкламайдими?

Афсуски, бу саволларга жавоб берадиган мардни топиш мушкул ҳозирги кунда. Судлар эса юқоридаги каби ҳолатлар юзасидан берилган даъволар бўлиб тўлиб-тошган.

“De jure”

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида шундай норма бор: “Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш... ҳуқуқига эга. Қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустаснодир”. Бу ҳуқуқ 28-моддада белгилаб қўйилган.

“De facto”

Амалда мазкур нормага зид бир қанча қонун ва қонуности ҳужжатлар бор. Шулардан бири “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар — Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонундир. Мазкур қонун Тошкент шаҳри ва вилоятига кўчиб келиш, бу ерда яшаш истагида бўлган ўзбекистонликларнинг ҳуқуқларини чеклайди.

Қонунда пойтахт шаҳар ва унга ёндош вилоятда прописка қилиниши мумкин бўлган шахслар тоифалари белгиланган бўлиб, мазкур тоифаларга мансуб бўлмаган фуқаролар бу ерга прописка қилинмайди. Яъни улар бу ерга кўчиб келиш, яшаш, ишлаш ҳуқуқидан маҳрум. Чунки 2016 йилнинг 26 апрелидан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган бўлса ишга қабул қилиш рад этилади (бу ҳақда юқорида айтиб ўтдик). Қолаверса, мазкур қонун билан паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан фуқароларни, худди шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилгани учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилди. Бундай иш учун улар эндиликда энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима тўлашига тўғри келади. Шунингдек, доимий ёки вақтинчалик пропискасиз фуқарони уйига ижарага қўйгани учун уй эгаси отнинг калласидай жарима тўлайдиган бўлди. Бундан ташқари, яқиндан бошлаб вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқаролар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари (390 минг сўмдан кўп) миқдорида жарима тўлайди (бундан аввал жарима миқдори энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача эди).

Хўп, доимий прописка ёпиқ ва бунинг учун асосли сабаблар бор дейлик. Аммо вақтинчалик пропискага қўйиш ҳам осон эмас-да. Янги тартибга кўра фақат давлат ташкилотларида ишлайдиган фуқаролар узундан-узоқ ҳужжатларни тўплаганларидан сўнг, яна уй эгаси билан нотариал тартибда тузилган ижара шартномаси бўлган тақдирда Тошкент шаҳри ва вилоятида вақтинча (6 ойга) прописка қилиниши мумкин. Нодавлат ёки хусусий корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган, савдо, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларида меҳнат қилаётган ёхуд ёлланма ишчи бўлиб ишлаётганлар бундай ҳуқуққа эга эмас.

Ғалати пародокс. Қонун доимий ёки вақтинча пропискаси бўлмаган фуқароларнинг Тошкент шаҳри ва вилоятида яшаши, ишлашини тақиқлайди. Фуқаролар қонуний тартибда яшаш ва ишлашга, бунинг учун белгиланган суммани тўлашга тайёр (чунки вилоятларда иш йўқ). Бироқ қонуности ҳужжатга кўра улар вақтинча пропискага қўйиш ҳуқуқидан маҳрум. Яна бир пародокс: Тошкент шаҳри ва вилоятида қонуний тартибда ишга кириш учун доимий ёки вақтинча прописка талаб этилади, доимий пропискага қўйиш учун белгиланган талабларга жавоб бермаган фуқаронинг бирдан-бир умиди вақтинча пропискадан, унинг учун эса иш жойидан маълумотнома талаб этилади, бусиз иложи йўқ.

Ҳуқуқда қонун ҳужжатлари иерархияси деган тушунча бор. Бу айрим қонун ҳужжатларининг бошқасидан устунлигини англатади. Ўзбекистонда қонун ҳужжатлари иерархияси қуйидагича: Конституция, конституциявий қонун, қонун, Сенат ва Қонунчилик палатаси қарори, Президент қарори, фармони, фармойиши, низом, ҳукумат қарори, ҳаволаки нормалар (бирор бир қонун, фармон, қарорнинг ижроси юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар).

Ўзбекистонда ҳозир шундай ҳолатки, қонун кези келса, Конституциядан устун, Вазирлар Макамасининг қарори баъзи қонунлардан юқори, айрим вазирлик ва идоралар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар гоҳида Конституция, қонунлар, ҳукумат қарорларидан кучлироқ. Мен қоғоздаги ҳолатни эмас, амалдагисини (“de facto”) назарда тутаяпман.

Хўш, бу каби муаммоларнинг ечими борми? Бор, албатта. Юқорида Меҳнат кодекси, сувдан фойдаланиш, автомобил олди-сотдиси билан боғлиқ қонун ҳужжатларидаги камчиликларни уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш йўли билан бартараф этиш мумкин. Буни юқоридагилар билмайди, деб ўйлайсизми? Жуд яхши билишади. Лекин бунга жазм этишмаганининг сабаби катталарга мавжуд вазият ва муаммолар ҳақида хабар беришадиган бўлса,бу ҳужжатларни тайёрлаётганда шу каби оқибатларни кўзда тутмагани учун жазоланишларини яхши билишади. Шу боис бундан манфаатдор эмаслар. Шу боис уларга умид қилиш қийин. Шунда ҳам мавжуд маъмурий имкониятлардан фойдаланиб кўриш, агар мен тахмин чилганимдай бундан фойда бўлмаса, жамоатчилик назорати орқали бунга эришиш керак.

Ҳар бир давлатда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам Конституциявий суд фаолият кўрсатади. Унинг вазифаси республика ҳудудида қабул қилинаётган қонун, Президент қарори, фармони, фармойиши, низом, ҳукумат қарори, ҳаволаки нормаларнинг Бош қонун — Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини мониторинг қилиш, мувофиқ бўлмаган ҳужжатларни бекор қилишдан иборат. Бироқ, афсуслар бўлсинки, мазкур олий орган айни пайтда зиммасидаги вазифани етарлича бажара олмаяпти. Юқоридаги кўрсатиб ўтилган қонун ҳужжатларидаги номувофиқликлар шундан.

Прописка масаласидаги чекловлар нима учун жорий қилинганини яхши биламиз ва тўғри тушунамиз. Аммо бу Цицероннинг машҳур “Inter arma silent leges” (“Уруш вақтида қонунлар сукут сақлайди”) деган сўзларини тасдиқлаш кераклигини англатмайди. Мустақил бўлганимизга яқинда 25 йил бўлади. Чорак аср муқаддам янги давлат тузар эканмиз дунёвий давлат тузиш йўлини танлаганмиз. Исломий эмас, монархия эмас, дунёвий, яъни ҳуқуқий демократик давлат. Бундай давлатда энг муқаддас нарса Конституция ва қонунлардир. Муқаддас нарсаси топталган жамиятда ҳеч нарсадан умиди қолмайди, ҳеч нарсадан қўрқмайди. Бу эса оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

P.S: дунёвий давлатда конституциянинг нечоғли юксак мавқега эга бўлиши кераклигини тушуниш учун Роберт Рэдфорднинг “Линкольнни ким ўлдирган” (иккинчи номи “Суиқасд иштирокчиси” — “The Conspirator”) фильмини кўришни тавсия қиламан. Шундан сўнг нима демоқчи бўлганимни янада яхшироқ тушунишингизга аминман. Қуйидаги ҳавола орқали фильмни онлайн томоша қилишингиз мумкин: http://kinokrad.net/8483-zagovorschica-2012-film-smotret-onlayn.html

Izohlar

Bakhtiyor Sheraliev's picture
5

Vanihoyat finaldagi bloglar ichida maza qilib o'qidim deb aytsam bo'ladigan blogni ko'rdim. Blog muallifiga cheksiz hurmatlar va tashakkurlar. Blogni o'qiganimdan keyin tilim shunaqangi "qichib" ketdiki, lekin o'zimni to'xtatishga qaror qildim, ayniqsa Konstitutsiyaviy sud borasida. Muallifga omad va zafarlar tilayman. Sizni g'olib bo'lishingizni chin qalbdan istayman, chunki shunga munosib ish bo'libdi.

Жамшид Ниёзов's picture
0

Вақт ажратиб блогпостни щыиганингиз, фикр билдирганингиз учун катта раҳмат, Бахтиёр! Сўзларингиздан бошим осмонга етди. Сизга ҳам омад тилайман!

Жамшид Ниёзов's picture
0

*ўқиганингиз

Eldor1's picture
0

Judayam ogriqli va dolzarb masala kutarilibdi . Bunaqa saviyadagi bloglar afsuski judayam kam . Rahmat katta.

Жамшид Ниёзов's picture
0

Сизга ҳам раҳмат! ;)

Shida's picture
5

Shunaqa postlar o‘qiganimda menga ham ilhom kelib qoladi. Muallifga yana ham hurmatim ortdi. G‘oliblikka munosib blogpost bo‘libdi. Omad tilayman!!!

Жамшид Ниёзов's picture
0

Ташаккур, Хуршидахон! Фикрлар, тилак учун миннатдорман.

Isroil Tillaboyev's picture
5

Yashang!!! bu blogpost uchun 1-o'rin bermaslik gunoh...

Жамшид Ниёзов's picture
0

Исроилбобо, топшириғингизни бажара олганимдан хурсандман. Эсингиздами?!
Лекин ҳакамлар 1-ўринни бермагани учун гуноҳкор бўлишмаса керак ;)
Шундай эмасми?!

Sarvar's picture
0

Ўқиб анча саволлар пайдо блди ва иш юзасидан юқорида кўрсатилган муоммолардан яна 10 лаб хотирлашга тўғри келди. Бундай тахлилий ва очиқ блог пост мақтовга лойиқ!

Жамшид Ниёзов's picture
0

Ёзганларим маъқул бўлганидан хурсандман. Ўқиб, фикр билдиришга эринмаганингиз учун ҳам ташаккур!

Bahodir Mahmudov's picture
5

Har safar bloglaringizni o'qiganimda huquq sohasidagi tor doiradagi bilimim biroz kengayganini va aynan o'sha masala bo'yicha o'qiganlarim yuzasidan bemalol tortisha oladigan darajada "polvon" bo'lib qolganimni his etaman. Katta rahmat, aka!

Жамшид Ниёзов's picture
0

Баҳодир, агар шундай бўлса, жуда хурсанд бўлдим. Мулоҳазаларимдан кимдир нимадир олаётган экан, бу менга янада куч беради, илҳомлантиради. Саломат бўлинг!

odilbekovich's picture
5

Qoyil qolmasdan ilojim yo'q. Facebookda siz bilan bekorga do'stlashmagan ekanman (sizni umuman ko'rmagan va tanimagan bo'lsam ham). Ancha narsani bilib oldim. Blogpost uchun alohida rahmat va yosh ijodkorlar sizdan o'rnak olishadi degan umiddaman.

Жамшид Ниёзов's picture
0

Эътиборингиздан мамнунман. ;))

Sobit's picture
5

Menga yoqdi. Huquqshunoslar shunday qilib tushuntirib bersa bo'larkan.

Жамшид Ниёзов's picture
0

Маъқул бўлганидан хурсандман. Ҳуқуқшунослар ҳақидаги фикрингизга келсак, мен ҳам шуни кўпдан бери орзу қиламан.

Pirimov islombek's picture
0

Mavzuni juda ham zur olib chiqansiz menga yoqdi bu saytga kirishimdan maqsad biznes g'oya tuzish va u haqida ma'lumotlar olish akamizni yozgan blogdan ish boshlayotganimda nimalarga etibor berishim kerakligi haqida tushuncha oldim raxmat