“Вақтинчалик прописка” очилди(ми?)

Жамшид Ниёзов
4.578945
O’rtacha: 4.6 (95 ovozlar)

Расман “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби” деб юритиладиган, оддий халқ “вақтинчалик прописка” деб атайдиган ҳужжат республикамизнинг бошқа ҳудудидан келиб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлаётган ёки ўқиётган юртдошларимиз учун катта аҳамиятга эга ҳужжатлардан биридир.

Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабига кўра фуқаролар пойтахт шаҳри ва вилоятида ҳисобга туриш учун келган кунидан бошлаб беш кун муддатда ўзи вақтинча турган жойдаги милиция таянч пунктига белгиланган тартибда мурожаат этиши керак. Бу талабнинг бажарилмаслиги маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “Паспорт тизими қоидаларини бузиш” деб номланувчи 223-моддасида белгиланишича, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаши — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда;  паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахсларнинг вақтинча ёки доимий пропискасиз, турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшашига йўл қўйиши, худди шунингдек фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйиши — энг кам иш ҳақининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда; вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаб турган фуқароларни ишга қабул қилиш — мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бу-ку, тушунарли. Муаммо шундаки, ўтган йилнинг октябридан буён “вақтинчалик прописка” ёпилгани, кўплаб фуқаролар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни сўраб одатдагидек ички ишлар органларининг ўзлари яшаётган ҳудудга бириктирилган профилактика инспекториларига мурожаат қилишса, рад жавобини олишаётгани, бу ҳолат қачонгача давом этиши ҳам ноъмалумлиги ҳақида гап-сўзлар тарқаган, бир нечта юртдошимиз сайтимизга мурожаат қилиб, мазкур масалада ёрдам беришимизни сўраган эди.

Шундан сўнг tafsilot.uz Ягона портал орқали Ўзбекистон Республикаси Ички ишлари вазирига ушбу масала юзасидан бир нечта саволлар билан мурожаат қилди. Сайтимизнинг мурожаатига ИИВнинг Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Бадридин Шорихсиев имзоси билан жавоб олдик.

Жавоб хатида қайд этилишича, чиндан ҳам Ички ишлар вазирлигининг “Фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисида”ги меъёрий ҳужжатларга қўшимча ўзгартириш киритилиши муносабати билан 2015 йилнинг 25 октябрь кунидан буён фуқароларни турган жойи бўйича вақтинча рўйхатга олиш вақтинчалик тўхтатилган экан. Бироқ бугунги кунга келиб “вақтинчалик прописка” очилган ва фуқароларни доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича 5 кунда 6 ойгача муддатга (ўқиш учун таълим муассасасига келган шахслар учун эса — ўқиш даврига — масалан, лицей, коллеж ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабалари бир йилга) шаҳар, туман ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлим (бўлинма)лари (халқ тилида “паспорт столи” деб аталувчи идора) томонидан амалга оширилмоқда.

vaqtinchalik_propiska

Масалага ойдинлик киритиш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улугбек тумани ИИБ Хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаси билан боғланиб, “вақтинчалик прописка”, яъни фуқарони Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш учун қандай ҳужжатлар талаб этилиши билан қизиқдик. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар керак бўлар экан:

1) ИИВ томонидан белгиланган намунадаги ариза;

2) Фуқаронинг паспорти ёки ҳарбий хизматчининг гувоҳномаси;

3) Фуқаро яқин қариндошларини (ота-ота фарзандларини, фарзандлар ота-онасини, эр хотинини, хотин эрини) вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, мулк эгасининг нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати);

4) Агар бегона шахслар вақтинчалик рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси;

5) Уй эгасининг паспорти нусхаси;

6) Уйнинг кадастр ҳужжатларининг нусхаси (асли ҳам кўрсатилади);

7) Уйга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (олди-сотди ёки ҳадя шартномаси, Давлат ордери, мерос гувоҳномаси, ҳокимлик қарори ва ҳоказо);

8) Агар эр хотинининг, хотин эрининг уйига вақтинча рўйхатга қўйилаётган бўлса, никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси (шунингдек, ушбу ҳужжатнинг асли ҳам кўрсатилади);

9) Болаларни рўйхатга қўйиш учун, агар улар 16 ёшга тўлмаган бўлишса, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларининг нусхалари (шунингдек, уларнинг асли ҳам кўрсатилади) ҳамда 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 2 дона фотосурат. Вояга етмаганлар фақатгина ота-оналари билан бирга прописка қилинади;

10) Давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги 533-сонли қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини рўйхатдан ўтказганлик ва чиқарганлик учун, шунингдек турган жойи бўйича ҳисобга қўйиш учун энг кам иш ҳақининг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади. Айни пайтда бу бир киши учун 2604 сўм 80 тийинни ташкил этади);

11) Ижарага турувчининг ишхонасидан уни “вақтинча прописка”га қўйиш тўғрисида расмий илтимоснома;

12) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари офицерининг ёки шартнома бўйича ҳарбий хизматчининг шахсий гувоҳномаси (казарма, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган хизматчилар учун)

13) Алоҳида ҳолларда зарурат туғилса бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам талаб этилиши мумкин.

Яна бир гап. Юқорида фуқаро яқин қариндошларини вақтинча рўйхатга қўйдираётган бўлса, мулк эгасининг нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати), агар бегона шахслар вақтинчалик рўйхатга қўйилаётган бўлса, ижара шартномаси талаб этилиши баён этилган. Дейлик, кимдир Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида пропискаси бўлмагани учун уйни узоқ қариндоши ё бўлмасам бирор ишонган танишининг номига ушбу ҳудудлардан уй сотиб олган бўлса-чи? Улар ҳам ўзининг уйига ўзи ижара шартномаси асосида рўйхатга турадими? Табиийки, бундай вазиятда харажатлар пропискага қўйилувчининг чўнтагидан кетади. Ўзининг уйида тургани учун ойма-ой солиқ тўлаб юрадими? Майли, нотариал идорада нотариусга вазият тушунтирилиб, ижара шартномаси кичик суммага расмийлаштирилди ҳам дейлик. Аммо ўзининг мулкида ижарада яшаш кулгили-ку!

Бошқа бир ҳолат ҳам бор. Дейлик, фуқаро узоқ қариндоши (амакиваччаси, тоғаваччаси, отаси ёки онасининг  ёхуд эри (хотини)нинг узоқ қариндошлари ва ҳоказо)никига ё бўлмасам қариндош эмас-у, қариндошдан аъло бўлиб кетган инсоннинг уйида ҳеч қандай ижара тўловисиз вақтинча яшаб келаётган бўлса-чи? Бундай ҳолатда қандай йўл тутилади? Уй эгаси уйига одам қўйгани учун ҳеч қандай даромад олмаётган бўлса-ю, аммо солиқ тўлашга мажбур бўлса, бу адолатдан бўладими?

Қонунчилигимизда бунинг ҳам ечими бор, азизлар. Шунинг учун ҳам ҳуқуқини билган одам қоқилмайди деб айтишади-да! Демак, юқоридаги икки вазиятда фуқаролар уй эгаси билан бирга давлат нотариал идорасига бориб, нотариал тартибда текин фойдаланиш шартномасини расмийлаштиришлари керак бўлади. Бунинг учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

1) Уйнинг кадастр ҳужжатлари йиғма жилди;

2) Уй эгасининг паспорти нусхаси;

3) Уй эгаси оилали бўлса, рафиқасининг паспорти нусхаси;

4) Никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

5) 17-шаклдаги маълумотнома;

6) Маҳалладан мазкур уйда кимлар пропискага қўйилгани ҳақида маълумотнома;

7) Пропискага қўйилаётган фуқаронинг паспорти ва СТИР нусхаси;

8) Турмуш ўртоғини ҳам рўйхатга қўяётган бўлса, эри (хотини)нинг паспорти;

9) Никоҳ тузилгани ҳақидаги гувоҳноманинг нусхаси;

10) Болаларни ҳам рўйхатга қўйиш учун уларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхалари

11) СТИР (ИНН) нусхаси (уй эгасиники ва рўйхатга қўйилаётган фуқароники (шартнома ким билан тузилаётган бўлса ўша шахсники))

12) Уй эгасининг текинга  фойдаланишга розилиги ҳақидаги  нотариал тасдиқланган аризаси (розилик хати — бу ҳужжат нотариал идорада расмийлаштирилади);

Бизга етиб келган маълумотларга кўра Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида баъзи корхона, ташкилот ва муассасалар томонидан ишлаб турган, аммо “вақтинчалик пропискаси”нинг муддати тугаган (тагаётган) фуқаролар ишдан бўшатилаётган ёки ишдан бўшатиш хавфи таҳдид солаётган экан. Tafsilot.uz мазкур масала юзасидан ҳам тегишли давлат органлари ва идораларига мурожаат юборди. Шу боис бу мавзуга ҳали қайтамиз.

Izohlar

Babakhanov Ulug'bek's picture
0

ijtimoiy muammoga yechim...yaxshi )))

Mansurbek's picture
5

kupchilikni liziktirgan muammo a'lo darajada ochib berilgan. muallifga rahmat

mirjalol_olmosov's picture
5

zur yozilgan! gastrabayterlar xaqidayam shunday narsa yozilsa yaxshi bulardi

Муҳаммаджон's picture
5

Долзарб мавзу

Мирзаолим's picture
5

шу пост 1-уринни олишини тилайман

Bahodir Mahmudov's picture
5

Anavi yozilgan hujjatlarni ko'rib yuragim orqaga tortib ketti))

Bayram's picture
5

Жуда долзарб мавзу. Ахоли учун фойдали маълумотлар ёзилган

Musannif Adham's picture
5

Муаллиф билан таниш-билишлигимиз бор. Лекин мақолани яхши ёзади. Унча-бунча журналист фактларнинг тагига етиб бориш учун бу кишидек ҳаракат қилмайди. Хуллас, биринчи ўринни бераверинглар. :)

Ganisher's picture
5

Fikrlaringizni qo'llab quvvatlayman qo'shni. ))

Abdullokh's picture
0

Qõlingiz dard kõrmasin. Shu kabi faoliyatlaringizda omad tilayman. Maqola albatta birinchi õrinlarga loyiq.
Hurmat bilan.

Abdullokh's picture
5

Qõlingiz dard kõrmasin. Shu kabi faoliyatlaringizda omad tilayman. Maqola albatta birinchi õrinlarga loyiq.
Hurmat bilan Abdulloh.

Zafareshmamatov's picture
5

Menga maqola juda yoqti. Atroflicha yoritilgan. Rahmat.

Zafareshmamatov's picture
5

Menga maqola juda yoqti. Atroflicha yoritilgan. Rahmat.

Zafareshmamatov's picture
5

Menga maqola juda yoqti. Atroflicha yoritilgan. Rahmat.

Фотиҳ Султон's picture
0

Жамшидбек узбек блогерлари ичида курук гап-суз, насихатдан кочиб, аник амалий ишлар килаётган санокли инсонлардан бири. Осон йулни танламади-йукса, артистлар билан сухбатлар уюштириб хам яйраб яшаса буларди, арзон обру ва машхурликкаям эга буларди. Лекин шу ижодкор йигит асл йулини топа олди. Миллатни дуоси ва олкишида чумилиб яшашга арзийдиган ижодкор ва инсон. Ишларига омад.

Фотиҳ Султон's picture
5

Жамшидбекни мактайман деб, фазилатларини санабману, юкоридаги рейтинг атамасига эътибор бермабман, узр. :)

Ganisher's picture
5

Ochilsa oyligi yuqori ishlarga kirvolarmidik biz xam. ))

Fozilbek's picture
5

hozirgi kundagi aktual mavzu! (Y)

MaqsudSalomov's picture
5

Masalaga oydinlik kiritish uchun tegishli organlarga murojaat qilib, javob olib yozishingiz maqtovga sazovor. Harakatdan to'xtamang Jamshid aka.
Omad.

Sherlock's picture
5

Jamshid Niyozov ko'pchilik uchun ahamiyatli savolga oydinlik kiritganlar. Ularning faoliyatlariga zafarlar tilayman.

Falonchi's picture
0

aslida bu baholar kam Jamishid Niyozov uchun

Ilkhom Mirvaliyev's picture
5

Dolzarb mavzu - ko'pchilikni qiynayotgan, ayniqsa poytaxtga kelib ishlamoqchi bo'lgan va faqat shu ulkan muammo tufayli tushkunlikka tushgan fuqarolarimiz uchun juda ham zarur ma'lumotlar, yan qolaversa barcha yo'riqnomalari bilan berilganichi

Iqbol Bek's picture
5

Jamshid Niyozov bilan shaxsiy hayotda tanish-bilishchilik bo'lmasada men bu insonni yozgan maqolalari va yuritayotgan saytini ko'p o'qiyman. Va bu maqolalarning ko'pi menga manzur bo'ladi. O'zimga kerakli savollarga javob ham topaman. Ushbu maqolaga kelsak, o'qigan maqolalarim ichida hozirgi kunda ko'pchilikni qiynab turgan muammo yuzasidan to'liq yoritilgan birinchi maqola shu bo'ldi. Jamshid Niyozov bu tanlovning g'olibi bo'lishini chin dildan xohlayman! Bu yo'lda unga omad va zafarlar tilayman! Tutgan yo'lingizdan Hech qachon og'ishmang!

Azuzullo's picture
0

"Вақтинчалик прописка" номли мақолани ўқиб чиқдим. Хозирда Тошкент шаҳрида вақтинчалик рўйхатдан ўтиш учун керак бўладиган хужжатлар батафсил тушунтирилган. Керакли маслаҳатлар берилган. Мақолада хужжат тахлашда кўзда тутулмаган баъзи холатлар ҳам кўрсатилганки, бу жуда ҳам фойдали бўлибди. Ҳақиқатда бирор доимий рўйхатдан ўтган қариндошини номига олган ўзини уйига ёки ўғил ота уйига ёки ота ўғлини уйига вақтинчалик рўйхатда турмоқчи бўлса қандай қўшимча хужжатлар кераклигини жуда ўринли келтирибдилар. Жуда ҳам керакли мақола бўлибди.

Azuzullo's picture
0

бу мақолани ўқиб ундан фойдаланганлар учун, айниқса ўзим учун Жамшид Ниёзовга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Azuzullo's picture
0

бу мақолани ўқиб ундан фойдаланганлар учун, айниқса ўзим учун Жамшид Ниёзовга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Azuzullo's picture
0

Бахо бериш эсдан чиқибди

Iqboljon's picture
0

Энг керакли, энг долзарб мавзуларда мақолалар тайёрлайсиз, ишларингизга ривож дўстим! Омадингизни берсин!

Iqboljon's picture
5

Узр, бахо беришни унитибман.

Ibrat Tursunov's picture
0

Hammaniyam Toshkent qiziqtiravermaydi.

Жамшид Ниёзов's picture
0

Кимдир шундай дедими? Бу ерда пойтахт шаҳри ва вилоятида бошқа жойдан келиб ишлаётган, ўқиётган юртдошларимизни ўйлантираётган муаммо очиб берилган. Ҳеч ким Тошкентга келиб ишланглар деб тарғиб қилаётгани йўқ.

Azamat Abdulloh's picture
5

Insonlarga foydasi tegadigan ish qilish savob, haq-huquq haqida foydali ishni boshlagan Jamshidbekka omad tilayman. Odamlarga manfaati tegadigan ijod qilishda charchamasin!

Mubina's picture
0

Чин дилдан омад тилайман!

Azuzullo's picture
0

ўнта юлдизча қилса бўлмайдими ?!

Azuzullo's picture
0

Ўйлаб-ўйлаб беш юлдузли баҳо беришга қарор қилдим.

Олмосбек Маллабаев's picture
5

Жуда долзарб мавзу, аник далил ва манбааларга асосланган.

Sayyid's picture
0

Juda kerakli va dolzarb maqola bölibti. Muallifga alohida tashakkur. Olti yulduzlik bölganda qöyar edim uni ham.

Sayyid's picture
5

Hullas muallifga alohida rahmat.

Sayyid's picture
5

Yana shunday maqolalar kutib qolamiz.

Azuzullo's picture
5

Узр телефоним панд берди. Юқорида ўз фикримни билдирганман. Юлдузчалар ёнмай қолаверибди.

Gringo's picture
0

Макола яхши ёзилган. Молодчик)

Sarvar Ochilov's picture
0

Ko'pchilikni qiziqtirgan savollarga javob bo'libdi!
Imkoni bo'lganda "otaxon" gazetlarda bosardim, yanayam foydasi tedishi uchun....

Sarvar Ochilov's picture
5

Ko'pchilikni qiziqtirgan savollarga javob bo'libdi!
Imkoni bo'lganda "otaxon" gazetlarda bosardim, yanayam foydasi tedishi uchun....

Sarvar Ochilov's picture
0

tegishi*

Xurshidbek Ibrohimov's picture
5

Ko‘pchilikka kerakli maqola bo‘libdi.

yoqub's picture
0

Jamshid Niyoziev omad.

Mamurjon Mahmud's picture
5

Назаримда, мақола айни вақтида ёзилган ва кўпчиликни қизиқтираётган саволга жавоб айтилган. Раҳмат, ишларга омад, яхши мақолалар кутиб қоламиз

Babakhanov Ulug'bek's picture
1

yuqoridagi fikrimni biroz to'ldirsam...blogpost ayni fakt va dalillarga asoslanib,izlanib yozilgan, lekin men negadir yangilik, yoki yaratuvchanlikni ko'rmadim. Tegishli organlarga murojaat qilinganini ba'zilar "ko'klarga ko'tarishdi". Hozirda har birimiz bu organlarga murojaat qlib, haq-huquqimizni himoyalashimiz yoki qanday hujjatlar kerakligini so'rab bilishimiz mumkin. Shuning uchun shu bahoni qo'ydim

Жамшид Ниёзов's picture
0

Улуғбек, билдим, "ақлли" экансан. Мен "1" қўйганинг учун кесатиб айтммаяпман, зеро ит дарёдан сув исгани билан унинг суви ҳаром бўлмагани каби сенинг овозинг кўп нарсани ҳал қилмайди. Қолаверса, бу танловда муваффақиятга эришиш сен ва менинг уринишимгагина боғлиқ эмас. Тақдирда бўлса, кейинги босқичга чиқармиз, бўлмаса йўқ. Бундан фожиа ясамайман.
Бироқ кеча Чарос Юсупованинг "G'aribona" номли блогпостда фикрингга қарши чиққан, танқидимни жўяли равишда, бироз аччиқроқ қилиб асослаб берган эдим. Бу ўша фикрмга жавобинг бўлса, паст кетибсан, жўра. Агар "Sahar ijtimoiy tadbirkorlik onlayn maktabi"га алоқадор ва бу танловнинг ташкилий гуруҳига аъзо одам бўлсанг, имижни кўтариш учун яхши ниятда бошланган лойиҳанинг обрўсига путур етказибсан.
Энди фикрларингга жавоб берсам. Сенинг "ақлли"лигингни юқорида эътироф этдим. Гап йўқ, ўз ҳуқуқингни биларкансан, қарега қай вақтда мурожаат қилишни ҳам, нимани сўрашни ҳам. Лекин ҳамма ҳам шундай деб ўйлайсанми? Нега унда даставвал TAFSILOT.UZда эълон қилинган, ундан kun.uz, uz24.uz, darakchi.uz ва бошқа кўплаб сайтлар кўчириб эълон қилган бу мақоладан сўнг ижтимоий тармоқлар орқали юзлаб хатлар олдим, ҳатто рақамимни топиб телефон қилганлар бўлди. Тушунмаган жойларини сўрашди, ўзларининг ҳолатларидан келиб чиқиб саволлар беришди. Демак, бунга эҳтиёж бор экан-да!
Ҳуқуқий маданият деган атамани эшитгандирсан. Бу халққа ҳуқуқларини содда тилда тушунтириб бориш, бу борқали уларда шу ҳуқуқини талаб қилиш, бузилган ҳуқуқи устиданшикоят қилиш ва ҳоказоларни англатади. Масалан, Адлия вазирлигида айнан шу иш билан шуғулланадиган бутун бошли бошқарма бор, вилоятларда унинг бўлимлари бор. Давлат ахмоқ эмаски, шунча одамга беҳуда ойлик берадиган. Тўғри, 26 йил олдинги билан солиштирганда одамларимизнинг онги, дунёқараши анча юксалган. Бироқ бу бўлди, бизда ҳаммаси ок дегани эмас. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп.
Фақат бунинг учун сенга ўхшаганлар тўғаноқ бўлмаса, "ақлли"лик қилиб, асабга тегмаса бўлгани. Одам ўз ҳақ-ҳуқуқини ўзи англагани яхши, аммо уни бошқаларга ҳам илиниш, улашиш бу умуман бошқа масала. Сенга ҳам шуни тилайман.

Babakhanov Ulug'bek's picture
0

Bundan tashqari, muammo faqat shu hududda yashovchi yoki shu hududga kelmoqchi bo'lganlarni qamrab olgan. Bu esa ijtimoiy muammoga unchalik ham o'xshamadi, nazarimda

Pages