Асабийлик синдроми

Gulruxsor Amirovna Xudayberdiyeva
5
O’rtacha: 5 (8 ovozlar)

Яқинда дадам ишлари кўпайиб қолганини, ёрдам бериб юборишимни айтиб, ишхоналарига чақирдилар. Шогирд қизлардан бири ҳам ёрдамга келган экан. Икковлашиб кун давомида босмахона ишларига қарашдик. Икки киши бўлса, “гап-гап” билан ишнинг оғири ҳам сезилмай кетади, айниқса, икки ҳамроҳ ҳам аёл зотига мансуб бўлса... 

Ҳазил-ҳузулимизнинг қоқ белига уриб ҳамроҳимнинг телефони жиринглаб қолди. Телефон ортидан йиғи аралаш шикоятомуз овоз келар, ҳамроҳим уни юпатишга уриниб таскин сўзларни “тизарди”. Суҳбат ниҳоялангач, қизиқсиниб сўрадим:

-       Тинчликми ўзи?..

-       Ҳа, бир дугонам таксига чиққан, фалон сўм бераман, деган экан. Бошида рози бўлган таксист манзилга яқинлашгач тўнини тескари кийиб, пистон сўм берасан, деб туриб олибди. Иккиси ҳам бўш келмай роса тортишибди. Жаҳли чиққан дугонам пулини бериб, такси эшигини қаттиқроқ ёпган экан, ҳалиги таксист машинадан тушиб, дугонамни ура кетибди... Нима ҳаққи бор, дея ўзини ололмай йиғлаётибди бечора. Милицияга шикоят қилибди.

Алҳазар, алҳазар... Бир кун олдин мен ҳам шунга ўхшаш воқеанинг бевосита гувоҳи бўлгандим:

Яхшигина ёмғир ёғяпти. Кун совуқ. Амалиётга бориш керак. Такси тўхтата қолдим. Одатим бўйича “ассалому алайкум”дан сўнг борар манзилим ва пулини гаплашдим. Йўл-йўлакай чамаси мен билан тенгдош иккита қиз қўл кўтарди:

-       Ассалому алайкум. Юнусободга!

-       Хўп, қанча бервосла ўзи? (қизчанинг овозини калака қилган оҳангда савол берди)

-       6 минг!

-       (Мимикаларини юксак даражада ишлатиб) Эшикни ташқаридан шундоо ёпвор!

 

Ҳалиги қизлар ажабланган ҳолатда эшикни ёпди. Йўлда яна иккита мижозга тўхтаган такси ҳайдовчиси худди юқоридаги муомаласи билан ўша гапларини айтди.

Нега бундай қилди, ҳеч ақлим етмади. Балки асаблари жуда чарчагандир, балки нимадандир жаҳли чиқиб, аламини дуч келган одамдан олаётгандир... Нима бўлганда ҳам улар – мижозлар! Шу касбнинг ортидан нон еяпти! Нархи ёқмаса, индамай кетса ёки нархда тортишиб кўрса ҳам бўлардику! Бировни мазаҳ қилиш, кўнглига тегишнинг нима кераги бор!

Очиғи, баъзи одамлардан доим ҳайратланиб юраман. Телба-тескари муомалалар, бир-бирини ноўрин аямай ранжитишлар, ортиқча гаплар, “чақиб” олишлар, “заҳар сочиш”лар, ... – ҳаммаси қизиқ! Шундайлар ўзларининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам асабини эговлаб, кайфиятини бузиб-ёриб, умрини негативлар билан “бойитиб” ҳузур қилармикан, деб ўйлаб қоламан баъзан. Аслида, бу Фанода ҳаммаси арзимасдан ҳам арзимас майда-жуйда гаплар, шундай эмасми?!

Ҳар икки гапнинг орасида “асалим-шакарим”лаб гапириш шартмас, шунчаки ўзаро муносабатларда олтин ўрталикни, холисликни, босиқликни байроқ қилишнинг ўзи кифоя!

Бугун тушлик қилиш учун кафега кирдим. Иккита сомсани еб, чиқиб кетгунимга қадар 3 та кўнгилхиралик содир бўлди:

Куппа-кундузи ичиб, ўзини билмайдиган даражага келиб қолган бир барзанги ёшгина бир офитсиант қизга хиралик қилди... Атрофидаги 4-5 та улфатлари “ҳай-ҳай”лаб, жойига ўтирғизиб қўйди.

Кейин мижозларга нархни камроқ айтиб юборганликда бир-бирини айблаб икки ҳамкасб тортиша кетди...

Бирпас туриб, кабобпаз “ўз уйидан олиб келган пичоқни уйалмай-нетмай доим ишлатадиган, шунча киримидан битта 5 минглик пичоқ олмайдиган  сомсапаз”нинг устидан асабийлашиб, уни “пастлик”да айблай кетди...

 

Қайси бир куни эса яқин дугонам кимлардандир шунақа асабийлашиб, менга кўнглини ёрди. Қарасам, ҳаммаси арзимас гаплар...

-       Ота-онангиз, яқинларингиз соғ бўлса, ўзингиз саломат бўлсангиз, бутун умр ёнингизда бўладиган инсон яхши бўлса! Иккинчи, учинчи, ва ҳатто ҳаётингизда ўринга ҳам эга бўлмаган одамларни нега бунча руҳиятингизга тиқиштирасиз?! Нега шунчалик асабийлашиб, ўзингизни қийнаяпсиз?..

 

*Асабийлик синдроми – теварак-атрофимизда кенг қулоч ёзиб бораётган, кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайдиган мавҳум бир ижтимоий муаммо! Энг ёмони, бу яшин тезлигида юқадиган касаллик бўлиб, унга чалинган беморнинг тилидан чиққан “вирус” соғлом одамнинг дастлаб дилини шикастлайди. Касалликнинг оғир формаларида “вирус” мияга уриб, руҳиятни ларзага солади, тўлқинлантиради. Тўлқин сунами ҳосил қилиб, умр давомида йиғиб-терган савоб амалларингиздан қурган қасрингизни вайрон қилиб  ювган ҳолда, йўлида учраган барча бегуноҳ предмету шахслардан “аламини олади”.

Мазкур “вирус”га қарши курашиш, уни юқтириб олмаслик учун бурнингизни ниқоб билан ҳимоялайсизми, “Биопассит” ичасизми, билмадим... Нима бўлганда ҳам ЎЗИНГИЗНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ, СОҒЛИҒИНГИЗНИ АСРАНГ! J

Гулрухсор АМИР

Izohlar

Bahodir Mahmudov's picture
5

Tashqaridagilarning reaksiyasi buning bosh omili. Lekin, inson, har qanday vaziyatda ham o'zini tuta bilishi kerak

Baxtiyor Ahmad's picture
5
Sh's picture
5

yashang

Trotskiy's picture
0

Dugonangiz bilan sizga biopassit kerak ekan ))
(fikrimni o'qib asabiylashmang)

Sarvar's picture
5

Бу мақоладан сўнг харакат қиламан асабийлашмасликка))))

Jamsiddin's picture
5

Wunaqasi ham buladi

Azizbek.'s picture
5

Ajoyib )))

Ulug''s picture
5

Eng yoqqan maqolalardan boldi. Omad tilayman.

mastura's picture
5

Juda yaxshi mavzu, ijodingizga omad

Shahi_uz's picture
0

Nazarimda bizda psihologlarga talab yuzaga kelmoqda. Insonlar hozirgi zamonda uzlarini tutishni unchalik eplay olishmayapti deb uylayman. Bunga anchagina sabablar keltirish mumkin.